Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“4 йил ўзимни чет элда ўқишга тайёрладим” — АҚШдаги нуфузли ОТМда ўқиётган ўзбек қизи
Жорж Вашингтон университети талабаси Амира Асқарованинг фикрича, абитуриент қайси фанни яхши билиши орқали келажакдаги касбини танлаши керак эмас. Ҳар бир номзод ўз қизиқишлари, салоҳиятидан келиб чиқиб соҳага кириши лозим. “Аксарият талабгорлар “ОТМга кириб олсам бўлди”, – деган мақсадда бўлади. Ҳозир магистратурада ўқиб шуни тушуняпманки, бу хато экан”, — дейди у Kun.uz'га берган интервюсида.

Американинг Жорж Вашингтон университети дунё рейтингларида топ 300 таликка киритилган энг нуфузли олийгоҳлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонлик Амира Асқарова ҳозирда шу университетнинг магистратурасида "Олий таълим бошқаруви" йўналишида тўлиқ грант асосида таҳсил олмоқда.
Ота юрти асли Бухоро бўлган Амира 1995 йил Тошкент шаҳрида туғилган. У бакалавр босқичини Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида, магистрликнинг илк даврини Тошкент давлат шарқшунослик университетида тамомлаган. Ҳозирда таълим олаётган йўналиши иккинчи магистрлик даражаси ҳисобланади.
Амира Kun.uz'га берган интервюсида қандай қилиб АҚШга бориб қолгани, у ердаги ўқитиш тизими, тўлиқ грант олиш учун нималар кераклиги, қизларнинг таълим олиши ҳақида гапириб берди.
“Имтиҳонларда доим яхши балл тўпласам ҳам, ҳатто контрактга илинмасдим”
Икки йил давомида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида талабалар ва уларни қўллаб-қувватлаш, академик бошқарув бўлимларида фаолият олиб борганман. Айнан мана шу ерда олий таълим соҳасига қизиқиш уйғонган. Шунинг учун бу йўналишда АҚШда ўқияпман. Бунга сабабчилардан бири “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобланади.
АҚШдаги магистратура 2 йиллик бўлиб, ҳозирда 2-босқичда таҳсил оляпман. 2 йил давомидаги барча харажатларим, яъни яшаш, контракт суммаси, тиббий суғурта, авиачипталар, виза билан боғлиқ барча харажатлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан қопланади.
Тўғрисини айтсам, ўзи аслида бакалавриатга 3 йил киролмай-киролмай, йиқилиб, кейин ўқишга қабул қилинганман. Имтиҳонларда доим яхши балл тўпласам ҳам, ҳатто контрактга ҳам илинмасдим. Сўнг омадим келиб, бир йили баллар пастлаганида кўпчилик ўқишга кириб кетишди, шу қатори мен ва дўстларим ҳам. Бакалавриатдаги 4 йиллик таълим давомида ўзимни хорижга кетишга тайёрлаганман. Ҳужжатлар, IELTS сертификати бўладими, ҳаммасини тайёрлаб, ўқишга топширишни режа қилиб юрганман. Ўша вақтларда мақсадим Кореяга кетиш эди, лекин бирданига пандемия бошланиб қолди. Ҳамма давлатлар ўз эшигини ёпиб, халқаро талабаларни ўқишга қабул қилмай қўйишди. Топширишим керак бўлган баъзи имтиҳонларни ҳам топширолмай қолдим. Кейин шу вақтда дадам ўзимиздаги ОТМга магистратурага топширишни тавсия қилди. Менимча, ўша пайтда хорижга кетишимга кўзлари етмаган бўлса керак.
Магистратурага ўқишга топширадиган йилимда ўзингиз ўқиган соҳадан бошқа йўналишга ҳам ҳужжат топширишингиз мумкин эди, бунга рухсат берилганди. Айнан мен топширадиган йилдан кейин бу амалиёт олиб ташланди. Ҳамма ўзига мос бўлган йўналишга топшириши керак бўлди. Бу борада ҳам омадли бўлганман, чунки топширган йўналишимга киролмайман деб ўйлагандим, яъни ҳозир кира олмасам, кейинги яна ҳаракат қилиб четга ўқишга, магистратурага кетаман деган хаёлда бўлганман. Лекин қарабсизки, магистратурага қабул қилишган, кириб кетганман. Афсусланмайман, жуда яхши таълим беришган, дўстлар орттирганман, иқтисод ҳақида умумий тушунчалар беришган.
“Параллел равишда ҳам ўқиб, ҳам ишлаганман”
Магистратурада ўқишга топширган вақтимда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ишга ҳам кирганман. У ерда ишлаб юрганимда тахминан икки ойлардан кейин жавоб чиққан, қарасам, магистратурага қабул қилинганман, яна шунда ҳам давлат гранти асосида. Кейин “нимага йўқ?” деб, параллел равишда ҳам ўқиб, ҳам ишлаганман.
Фаолиятим давомида талабалар, профессорлар билан ишлаб, олий таълим бошқарувига қизиқиб қолганман, кейин шу йўналишда магистратурада ўқишга қарор қилганман. Кейинчалик Инҳа университетидаги ҳамкасбларим “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали бошқа давлатларга ўқишга кетишган, шуларга ҳавас қилиб, улардан маслаҳат олиб мен ҳам ҳужжатларимни тайёрлаб, университетга қабул қилинганман.
Университет 60 фоиз атрофида грант ажратган. Лекин қолган қисми ҳам катта миқдорни ташкил қилар эди. Шунча маблағни топишга, тўлашга ўзимнинг кучим етмас эди, ота-онамнинг ҳам шароити бўлмасди. Чунки 40 фоиз контракт тўловидан ташқари, яшаш ва йўлкира харажатлари бор, биламиз, АҚШда яшаш осон, арзон эмас. Шуларни ҳисобга олиб “Эл-юрт умиди” жамғармасига ҳужжатларимни топширганман. Орадан 2 ойлар ўтиб, стипендиатлар орасида борлигимни кўрганман. Буни кўриб жуда ҳам хурсанд бўлганман.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ўтган суҳбат жуда қийин бўлганди. Йўналишим бўйича фармон, қонун, ҳужжатлардан ташқари, тарихий билимлар синалган, психологик саволлар ҳам берилган. Умуман олганда, саволларга қандай ҳолатда жавоб беришим, чидамлилик даражамни синовдан ўтказишган. Бундан асосий мақсад шу хорижда ўқишни тамомлагач Ўзбекистонга қайтиб келиб, ўз билимларингизни шу мамлакат ривожига ишлатасизми ёки йўқ, буларни ҳам текширишган. Суҳбат давомида 10-12 киши ўтириб, уларнинг ҳар бири ҳар тарафдан савол беради. Бу нарса бироз қўрқитади, лекин у ердаги ҳар бир профессор, соҳа мутахассислари жуда самимий эди. Уларнинг ҳар бири бу стипендияга лойиқ эканингизни исботлашингизни кутади.
“АҚШда фақат китоб ўқиб, кутубхонадан чиқмай изланиш қилиб ўтирмайсиз”
Айни вақтда АҚШдаги ўқишим жуда яхши кетяпти. Биринчи курсда осонроқ эди, чунки ўша вақтда осонроқ фанлар қўйилганди. Яъни назарий билимлари камроқ, амалиёт кўпроқ талаб қиладиган фанларни олгандим. Иккинчи курсда фанлар бироз қийинроқ, нисбатан олиб қараганда ўқийдиган нарсалар кўп, изланишлар олиб бориш керак, курс ишлари ёзиш лозим. Семестр якунида ҳар битта фан юзасидан “research work”, яъни қандай изланиш қилганингизни сўрашади. Мавзу берилади, шу мавзу доирасида изланиш олиб бориш керак бўлади. Масалан, бир фанимни тасвирлайдиган бўлсам, бизнинг олдимизга шундай вазифа қўйилганки, у вазифани ўз соҳасининг мутахассисларидан бири билан интервю қилган ҳолда, бошқа мақолаларни ўқиб, уларни бир-бирига солиштириб, жавоблари орқали изланишларни ёзиш керак бўлади.
Фанларим жуда қизиқ, чунки изланишлар давомида амалиётга боғлашга шароит яратиб беришган. Яъни фақат китоб ўқиб, кутубхонадан чиқмай изланиш қилиб, компьютерда шунчаки ёзиб ўтирмайсиз, сизни кимдан, қаердан интервю олиш мумкин бўлган жойга жўнатишади ёки профессорларимизнинг ўзлари олиб боришади. Яъни изланиш давомида ўрганаётган жойдаги одамлар билан танишасиз, атмосферани кўрасиз, қолаверса, улар қандай ишлар билан шуғулланишаётгани билан танишиб, улар олиб борган изланишларни ҳам ўрганишингиз мумкин. Тўғриси, бундай даражада яхши бўлишини кутмагандим, ўйлаганимдан ҳам яхши бўлиб чиқди. Яъни мен кутган нарсаларнинг ҳаммаси бор.
“Йиллар давомида олинган билимни 2-3 соатли тест билан синаш – нотўғри”
Мен учун биринчи ўринда Ўзбекистондаги ОТМга қабул тизими бошқачароқ кўринади. Бизнинг йиллар давомида олган билимларимиз 2-3 соат ичида ўтказиладиган тестлар орқали синалади, менимча, бу – нотўғри амалиёт. Ҳужжат топширилаётган олийгоҳ йўналишига келгусида ўзини бағишлай олиш, бу соҳада янги изланишлар қила олиш, умуман, бу йўналишга қизиқиш борлиги бўйича ҳеч савол берилмайди. Яъни мактаб вақтида, лицей-коллежни битиришадими, ўқишга киришим керак, шу фанларни ўқишим керак дейишади.
Тўғри, абитуриентлар орасида аниқ мақсад қўйиб, ҳаракат қилувчилар бор. Лекин уларнинг аксарият қисми ОТМга кириб олсам, бўлди деган мақсадда бўлади. Ўзимда ҳам инглиз тилини яхши биламан, тестларни яхши еча оляпман, шунинг учун бу фан имтиҳонда биринчи блок бўлиши керак, шунда юқори балл олиб, ўқишга кириб кетаман деган тушунчалар бўлган. Ҳозир магистратурада ўқиб, айнан шу йўналишда фаолият олиб бориб, тушуниб етяпманки, бу хато экан. Яъни абитуриент талаба бўлмоқчи экан, ўз олдига аниқ мақсадни қўйиши керак. Қайси соҳага қизиқиши, бу соҳа учун қайси фанларни ўқишини шу кетма-кетликда билиб олиши лозим.
Қолаверса, қабул тизимида тестдан ташқари, мен киритишни истаган яна бир босқич бу – Америка университетларига хос бўлган мотивацион хатларни ёзиш ёки суҳбат. Яъни бу хатда талабгор ўзининг хоҳишлари, келажакда нима иш қилишни исташи, соҳанинг қайси йўналишлари қизиқ экани ҳақида ёзишади. Баъзи Америка олийгоҳларида интервю, яъни суҳбатлар ҳам ўтказилади. Бундай суҳбатларда ҳужжат топширилган соҳа номзодга қанчалик мос эканини текширишади. Мана шу жараёнларни қўшган бўлар эдим. Албатта, бошида бу амалиёт қийинчиликлар олиб келади, чунки Ўзбекистонда талабалар сони кўп, ОТМнинг онлайн платформалари ривожланмаган ёки ишга туширилмаган.
Интервюни тўлиқ юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Тавсия этамиз
“Россия урушга чуқур кириб кетди, ундан чиқиши имконсиз” — сиёсатшунос
Жаҳон | 18:20 / 28.07.2025
Украинада сиёсий инқироз. Нега бундай бўлди ва буёғига нима бўлади?
Жаҳон | 17:56 / 27.07.2025
Давлат олийгоҳлари учун квоталар тасдиқланди
Ўзбекистон | 23:49 / 25.07.2025
Ўзбекистонда пенсия миқдори қандай ҳисобланади? – муҳим саволларга жавоблар
Ўзбекистон | 23:34 / 25.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Asialuxe Travel” компанияси “Yoz, shoshma!” акциясини эълон қилади
Ўзбекистон | 09:00 / 29.07.2025
-
Уруш балоси: «Аэрофлот»ни нега «бузишди»?
Жаҳон | 23:22 / 29.07.2025
-
Путинда 10 кун бор – Трамп Украинадаги уруш бўйича янги баёнот берди
Жаҳон | 23:14 / 29.07.2025
-
Тошкент вилояти ИИББ ва Самарқанд вилояти ИИБ раҳбарлари ўзгарди
Ўзбекистон | 23:00 / 29.07.2025
Мавзуга оид

23:14 / 29.07.2025
Путинда 10 кун бор – Трамп Украинадаги уруш бўйича янги баёнот берди

22:56 / 29.07.2025
Трамп қандай шартларда Хитойга бориши мумкинлигини айтди

16:17 / 29.07.2025
Америкаликлар ярим йиллик турғунликдан кейин қувноқ ҳаётига қайтмоқчи

13:23 / 29.07.2025