Жаҳон | 20:20 / 12.11.2023
15438
4 дақиқада ўқилади

«Учиб кетган фаришталар». Қадрсизланган инсон ҳақида

Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги чақириқларга қарамай, Ғазо секторида тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлаётган авиазарбалар давом этмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фаластин. Аминманки, барчанинг нигоҳи ҳозирда сайёранинг шу нуқтасига қадалган. Бу ерда бир ой ичида 10 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди, улардан 4 мингга яқини ёш болалар экани айтилмоқда. 4 минг фариштача осмонга учиб кетди. Устимиздан шикоятини айтиш учун. Инсониятнинг жорий аҳволи, ривожланган цивилизациянинг инсон ҳуқуқлари тўғрисида қилган баёнотлари ва ҳатто болаларни асраш ҳақидаги гап-сўзи... дунё кучлилари учун бир чақага арзимаслигини айтиш учун.  

Ер сайёрасида яшаётган халқларнинг ҳаётини тартибга солиш, ҳаётий қарорларни халқлар биргаликда қабул қилиши учун тузилган ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа кўплаб – инсон деб аталмиш мавжудот қадрини жойига қўйиш учун тузилган ташкилотлар, жойи келса ҳеч нарсага қодир эмаслигини айтиш учун учиб кетишди.

Украина уруши ва шу кунларда юз бериб турган Фаластин қатлиоми Ер сайёрасида инсон ҳаёти қадрини бир неча баробар тушириб юборди. Ёш болалар ўлдирилаётганини ҳисобга олсак, «бу қадр бўлганмиди ўзи?» деган савол туғилади.        

Бу ерда аввал нима воқеалар юз бериб келган ва юз беряпти, вазият нега бу даражага келди – тарихчи ва сиёсатчилар гапиргани яхши. Мен эса вазиятнинг маънавий томони ҳақида гапирмоқчиман.

Уруш бўлаётган жойда маънавий тўсиқлар ювилиб кетади – ўлик боласини бомбаланган уй харобалари остидан олиб чиққан отанинг ўз душманига раҳмли бўлишини кутиш – ниҳоятда қийин. Энди уйлари кўп йиллар давомида, мунтазам равишда бомбалаб келинган ҳудудни тасаввур қилинг... Табиийки, бу ерда болалари ёки бошқа яқинлари учун ўч олишни ҳаётининг мазмунига айлантирган эркаклар сони кўп бўлади ва уларга ҳеч ким бошқача бўлиш кераклигини уқтиролмайди ҳам.

Демак, юқорида айтганимиздек, бу ерда қўлига қурол олишни ва имкон қадар кўпроқ рақибини ўлдиришни истайдиганлар, онгида маънавий чекловлари хиралашиб кетган одамлар кўп бўлади ва бу табиий ҳолат.   

Можаро тарихини четга қўйиб турайлик-да, оддий саволга ўрин берайлик: бир-бирига нисбатан нафрати учига чиққан, бир-бирини қирғин қилиш ҳаёти мазмунига айланган икки тоифа битта жойда яшаётган бўлса ва эндиликда жиққамушт бўлиб турган бўлса, нима қилиш керак?

Жавоб табиий ва бу жавобни оддий инсонгарчилик буюради – икки томонни ажратишга кучи етганлар ажратиши керак, чунки бундай вазиятда қирғинни тўхтатишнинг бошқа йўли йўқ.  

Ҳа, буни жуда аввал қилиш керак эди. Аммо кучлилар икки томонни ажратиш ўрнига бир томоннинг иккинчи томонга зулмини қўллаб келди ва буни «демократияни қўллаб-қувватлаш» деб аташди. Шундай икки хил стандартлар натижасида вазият мана шу аҳволга келди ва бугунга келиб, шундоқ ҳам очилиб қолган юзлар батамом очилиб кетди. Шу пайтгача бу юзсизликни ҳамма одамлар билмаган бўлса, энди бутун инсоният гувоҳ бўлди ва инсониятнинг виждонли қисми ўз норозилигини билдиряпти.

4 мингга яқин фариштачалар эса гувоҳлик бериш Яратганнинг олдига кетган...

Шокир Шарипов

Мавзуга оид

Эълонлар