Ҳарбий-стратегик ҳамкорлик дастури ва 50 та қўшма тадбир — Россия мудофаа вазирининг Ўзбекистонга ташрифи тафсилотлари
Андрей Белоусовнинг Тошкентга ташрифи вақтида Россия ва Ўзбекистон ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий-стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди. Томонлар 2025 йилда 50 та қўшма тадбир ўтказмоқчи.

Фото: Мудофаа вазирлиги
22 январ куни Ўзбекистон мудофаа вазири генерал майор Шуҳрат Холмуҳамедов расмий ташриф билан келган Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов бошчилигидаги ҳарбий делегацияни қабул қилди.
Ўзбекистон томонининг хабар беришича, учрашувда делегация раҳбарлари Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг мудофаа соҳасидаги бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган.
Шунингдек, мудофаа вазирлари томонидан икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасидаги 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди.
Расмий қабулдан сўнг Россия мудофаа вазирлиги делегацияси «Ғалаба боғи» ҳамда «Шон-шараф» давлат музейига ташриф буюрган.
Россия Федерацияси мудофаа вазири Андрей Белоусов, шунингдек, 22 январ куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Учрашувда Россия мудофаа идораси раҳбари Ўзбекистон етакчисига Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
«Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини Россия Федерацияси президентининг 2024 йил май ойида Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди», — дейилади хабарда.
Россия томонига кўра, Андрей Белоусов ва Ўзбекистон президенти ўртасидаги учрашувда, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинган ва Марказий Осиёдаги ҳарбий-сиёсий вазиятга баҳо берилган.
Россия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Белоусов Россия ва Ўзбекистон эски дўстлар ва стратегик ҳамкорлар эканини қайд этган.
«Расмий Москва ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро тушунишнинг юқори даражасига чиқди ва кенгайишда давом этмоқда. Бу замонавий халқаро вазиятда жуда муҳим. Икки давлат раҳбарлари куч тузилмалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор бермоқда. Бизнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга катта таъсир кўрсатади, шунинг учун биз бугунги учрашувга катта аҳамият берамиз», деган Белоусов.
Маълум бўлишича, Россия делегацияси таркибида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик учун масъул ташкилот раҳбарлари ҳам келган.
Россия томонига кўра, Ўзбекистон-Россия мудофаа вазирликлари ўртасидаги 2025 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси турли йўналишлардаги 50 та қўшма тадбирларни ўз ичига олади.
«Мамлакатларимиз мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россия Федерацияси билан мудофаа ва минтақавий хавфсизлик соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг эришилган даражасини юқори баҳолайди ва уни янада ривожлантиришга катта аҳамият беради. Икки давлат президентларининг сиёсий иродаси ва шахсий дўстона муносабатлари туфайли Россия ва Ўзбекистон стратегик шериклиги сифат жиҳатидан янги босқичига кўтарилди», - дея генерал майор Шуҳрат Холмуҳамедовнинг сўзларини келтирмоқда Россия томони.
Тавсия этамиз
Путин ўзига ворис тайёрлаётганини айтди
Жаҳон | 20:13 / 04.05.2025
Ҳусановнинг ўйинсиз серияси атрофидаги саволлар ва жавоблар
Спорт | 18:17 / 04.05.2025
“Ёпилган иш” ёхуд отган ўқи ўзига қайтган терговчининг иқрори
Жамият | 15:23 / 04.05.2025
9 май байрамми ёки мотам? Бу куннинг мазмуни қандай?
Ўзбекистон | 21:19 / 03.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигига директор тайинланди
Ўзбекистон | 17:31
-
Ташқи душман образи сиёсий мақсадларда бўрттириляпти — таҳлилчилар Ҳиндистон–Покистон низоси ҳақида
Жаҳон | 17:27
-
T'way Air Сеулдан Тошкентга парвозларни йўлга қўяди
Ўзбекистон | 17:25
-
«Тоза қўллар» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди
Ўзбекистон | 17:22
Мавзуга оид

20:13 / 06.05.2025
АҚШ армиясида генераллар оммавий равишда ишдан бўшатилади

19:35 / 02.05.2025
Bloomberg: Трамп жамоаси Россияга иқтисодий босимларни кучайтириш вариантларини тайёрлади

22:09 / 01.05.2025
Трамп билан музокаралар бошланганидан кейин россиялик миллиардерлар 15 млрд долларга бойиди

17:33 / 01.05.2025