Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Толибон» энди Россияда террор гуруҳи эмас. Ҳаракат аср бошида Россияга жиҳод эълон қилганди
Бугун охирги кунларда содир бўлган қизиқ бир воқеа ҳақида гаплашамиз. Бу воқеанинг қанчалик жиддий эканини тушунишингиз учун иккита турли саналарда бўлган воқеаларни кетма-кет санаймиз.

* 2000 йил феврал, Россияда Иккинчи чечен уруши авж олган давр. У вақтлар Афғонистонни назорат қилган «Толибон» ҳаракати ўзининг «Шариат» деган расмий газетасида дунё мусулмонларини Россияга қарши жиҳод қилишга чақиради.
* 2025 йил апрел. Россия Олий суди «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаради.
Албатта, бу икки воқеа ўртасида нақ 25 йил вақт ўтган, бироқ чорак аср тарих олдида жуда қисқа муддат. Шу сабаб Россия аср бошида ўзига қарши жиҳод эълон қилган ташкилотни террорчилар қаторидан чиқариши эътиборга арзигулик воқеа.
Қонуний тақиқ олиб ташланди
Россияда «Толибон»ни террорчи ташкилот деб қарамаслик 2021 йилдан бошланди десак бўлади. Толиблар Афғонистонда ҳукумат тепасига келгач, россиялик журналистларга «Толибон»ни террорчи ташкилот деб атамаслик буюрилади. Вақт ўтиб Россия ҳаракат билан алоқаларни яхшилади. Ҳатто ҳаракат фаолияти Россияда тақиқланган бўлишига қарамай, унинг вакиллари Москвада юқори мартабали мулозимлар билан музокара ўтказди.
Сергей Лавров суҳбатлардан бирида «Толибон»ни террорчи ташкилотлар қаторидан чиқариш «реалликдан келиб чиққан ҳаракат» деб атаганди толиблар Афғонистонни назорат қилаётганини назарда тутиб.
Дарвоқе, Путинга «Толибон»ни террорчи ташкилотлар қаторидан чиқаришни айнан Сергей Лавров ва Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маслаҳат берган.
Ўтган йилдаёқ Россия ҳаракатни «қора рўйхат»дан чиқариш ишларини бошлаб юборганди. Лекин бу осон иш эмас, чунки Россия қонунчилигида кимнидир террорчилар рўйхатидан чиқариш учун қонуний асос йўқ эди. Шу учун Россияда ўтган йил кузда бутун бошли қонун қабул қилинди. Путин ФСБ директори Бортниковга ҳам толибларни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича тегишли ишларни қилишни буюрганди. Бортниковнинг сўзларига қараганда, «Толибон» ИШИДнинг Афғонистондаги қаноти «ИШИД-Хуросон» билан курашишга тайёрлигини айтгани ҳал қилувчи омил бўлган.
«Толибон» ва Россия муносабатлари
Толиблар 2021 йил АҚШ армияси Жо Байденнинг буйруғи билан Афғонистондан чиқиб кетгач, яна ушбу давлатдаги ҳукуматни эгаллаганди. «Толибон» 2001 йилда Афғонистонда ҳукуматни бой беради. Ўшанда Америка Ню Йорк терактидан кейин Афғонистонда уруш бошлаганди. Чунки терактни амалга оширган «Ал Қоида» гуруҳи «Толибон»нинг иттифоқчиси эди.
АҚШ Афғонистонга кирганда қизиқ бир воқеа содир бўлади. Унга Владимир Путин ҳақида суратга олинган бир ҳужжатли филмда кўзим тушганди. Ўша вақт Россия мудофаа вазири лавозимида ишлаган Сергей Ивановга «Толибон» лидери Мулла Умарнинг вакиллари алоқага чиқиб, Америкага қарши биргаликда урушишни таклиф қилади. Бироқ Сергей Иванов бу таклифга ўзининг айтишича, кескин оҳангда, ҳатто инглизча сўкиниш билан жавоб беради.
Ана шунақа гаплар. У пайтлар Россия Ғарб билан ҳозиргидек душман эмас, Америка билан ҳам қалин эди. Россия аср бошида ўзига қарши жиҳод эълон қилган «Толибон»ни нега террорчилар рўйхатидан чиқаргани сабабини кейинчалик амалга ошириладиган ҳаракатлардан билиб оламиз.
Бу ерда тушуниш керак бўлган жиҳат шуки, катта давлатлар ҳеч қачон бирор ташкилотдан қўрқмайди. Уларга қандайдир ташкилот зарар етказа олмаслигини жуда яхши билишади. Бу катта давлатлар хоҳласа бирор одамни жуда хавфли террорчи деб эълон қилади, хоҳласа, худди ўша одамни сиёсий арбоб дейди. Хоҳласа, ўзи калласи учун мукофот пули эълон қилган одам билан музокара ўтказиб, уни бутун бошли давлат раҳбари сифатида тан олади. Барчаси бу катта давлатларнинг нима хоҳлаётгани ва манфаатларига боғлиқ.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Тавсия этамиз
“Россия урушга чуқур кириб кетди, ундан чиқиши имконсиз” — сиёсатшунос
Жаҳон | 18:20 / 28.07.2025
Украинада сиёсий инқироз. Нега бундай бўлди ва буёғига нима бўлади?
Жаҳон | 17:56 / 27.07.2025
Давлат олийгоҳлари учун квоталар тасдиқланди
Ўзбекистон | 23:49 / 25.07.2025
Ўзбекистонда пенсия миқдори қандай ҳисобланади? – муҳим саволларга жавоблар
Ўзбекистон | 23:34 / 25.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ижро назоратининг кучайтирилиши, Самарқанддаги «қўзиқорин уй», сувга чўкиш фожиалари – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон | 23:47 / 28.07.2025
-
Хитой туғилишни рағбатлантириш мақсадида ҳар бир бола учун пул тўлайди
Жаҳон | 23:46 / 28.07.2025
-
Санкт-Петербургда хорижликларга 2025 йил охиригача такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаш тақиқланди
Жаҳон | 23:26 / 28.07.2025
-
Бастакор Султонали Раҳматов вафот этди
Жамият | 22:59 / 28.07.2025
Мавзуга оид

13:27 / 23.07.2025
Ўзбекистон ДХХ раиси Афғонистон Разведка хизмати раиси ва ички ишлар вазири билан учрашди

19:02 / 22.07.2025
Ўзбекистон ДХХ раиси Кобулда «Толибон» мудофаа вазири билан учрашди

20:36 / 08.07.2025
Халқаро жиноий суд «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олишга ордер берди

16:54 / 08.07.2025