Ўзбекистон | 00:27
1127
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги ўрмонда 50 мингдан ортиқ бута ва дарахтлар ёниб кетди

Ёнғин оқибатида 7,4 гектар ер майдонидаги 116 туп жийда, беш туп тол ҳамда 49 580 туп юлғун буталари шикастланган. Табиатга етказилган зарар қарийб 1,9 млрд сўмни ташкил этган.

Фото: Экология вазирлиги

Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида бўлган 50 мингдан ортиқ бута ва дарахтлар ёнғин оқибатида шикастланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди

Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги ўрмон фонди ҳудудининг маълум қисми ёқиб юборилганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган.

Фото: Экология вазирлиги

Ҳолат вилоят экология бошқармаси, туман ҳокимлиги, прокуратура ва масъуллар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Натижада, ўрмон хўжалиги ҳудудининг 10,5 гектар майдонида ёнғин бўлгани ҳамда 7,4 гектар ер майдони ёнғиндан зарарлангани аниқланган.

Ушбу қонунбузарлик натижасида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 20-21-моддалари (атмосфера ҳавосидан фойдаланиш шартлари, жонли табиат объектларидан фойдаланиш шартлари), «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддаси (дарахтлар ва буталарни кесиш) ҳамда «Ўрмон тоғрисида»ги қонуннинг 57-моддаси (ўрмон тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик) талаблари бузилган. 

Фото: Экология вазирлиги

Ўрганиш давомида ёнғин содир бўлган 10,5 гектар ер майдонидаги манзарали дарахтлар хатловдан ўтказилган. Натижада, 7,4 гектар ер майдонидаги 116 туп жийда, 5 туп тол ҳамда 49 580 туп юлғун буталари шикастлангани аниқланган. Табиатга жами 1 миллиард 884 миллион 675 минг сўм миқдорида зарар етказилган. 

Ҳужжатлар ҳолатга қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилган.

Мавзуга оид