Жамият | 16:32
11896
3 дақиқада ўқилади

Метро машинисти турмуш ўртоғини ўлдириб, каналга улоқтириб юборди

Қотилликка ўзаро келишмовчилик ва сурункали давом этиб келган оилавий жанжаллар сабаб бўлган. Пичоқлаб, каналга ташлаб юборилган марҳума ҳомиладор экани аниқланган. Эркак ҳамшира бўлиб ишловчи аёли савдо-сотиқ қилиш учун Туркияга бориб келганидан сўнг ўзгариб қолиб, уни қарзга ботирганини, марҳуманинг ҳомиладорлигини билмаганини айтган.

Янгийўл туманида турмуш ўртоғининг қотилига айланган 28 ёшли шахсга суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1997 йилда туғилган Д.Н. “Тошкент метрополитени” ДУКда электропоезд машинисти бўлиб ишлаб келган. У оилавий жанжал туфайли ота уйига кетиб қолган турмуш ўртоғи Г.Н. билан гаплашиб олиш мақсадида 2024 йил 10 декабр куни эрталаб хотини ишлайдиган оилавий поликлиникага борган. Эркак турмуш ўртоғини ишхонасидан олиб чиқиб, Nexia машинасига миндирган ҳамда Янгийўл тумани Байтиш маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Салар канали ёнига олиб борган.

Машинасини каналдан ўтувчи кўприк устида тўхтатган Д.Н. ёнидаги ошхона пичоғи билан Г.Н.нинг чап кўкрак қафасига зарба бериб, уни қасддан ўлдирган. Сўнг марҳума мурдасини машинадан тушириб, Салар каналига ташлаб юборган ва воқеа жойидан яширинган.

Д.Н. судда айбига иқрорлик билдирган.

Г.Н. билан 2021 йилда севишиб турмуш қурганмиз. Бир нафар ўғлим бор. Г.Н. Янгийўл туманидаги оилавий поликлиникада ишлаб келган. 2023 йилда турмуш ўртоғим савдо-сотиқ қилиш мақсадида Туркия давлатига бориб келди. Шундан сўнг унинг ҳаракатларида ўзгаришлар бошланди. У билан тез-тез оилавий келишмовчиликлар келиб чиқди. Кўпчиликдан қарз олиб, мендан яшириб келган. Шу каби ҳолатлар такрорланиб турганидан сўнг ўртамиздаги муносабатлар совуқлашиб қолди.

2024 йил май ойидан буён Г.Н. билан бирга яшамай келдик. Бироқ ўртада фарзанд бўлгани ва севиб оила қурганим сабабли ярашиш ниятим бор эди. Шу учун фарзандим ва турмуш ўртоғимдан уйига бориб хабар олиб турдим”, деган эркак суддаги кўрсатмасида.

Шунингдек, у турмуш ўртоғи билан олган пулларини қаерга ишлатганини сўраш ва гаплашиб олиш мақсадида учрашганини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтган.

Марҳуманинг яқинлари эса Д.Н. аслида икки кишининг ҳаётига зомин бўлганини билдириб, унга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўрашган.

ЖИБ Янгийўл туман суди ҳукми билан Д.Н. Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни қасддан ўлдириш) содир қилишда айбли деб топилган. Унга 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид