Жаҳон | 10:53
1147
1 дақиқада ўқилади

Гуржистонда мухолифат етакчиларидан бири Жапаридзе ҳибсга олинди

«Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиларидан бири Зураб Жапаридзе Тбилиси шаҳар судида парламент тергов комиссиясига келмагани учун ҳибсга олинди.

Фото: Zurab Tsertsvadze/AP Photo/picture alliance

Тбилиси шаҳар суди мухолифатдаги «Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиларидан бири Зураб Жапаридзени ҳибсга олишга қарор қилди. Сиёсатчи 22 май, пайшанба куни кечқурун суд залида ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда Гуржистон матбуоти.

Жапаридзега Гуржистон парламентининг вақтинчалик тергов комиссияси йиғилишига кўрсатма бериш учун келмагани бўйича айблов эълон қилинди. Аввалига мухолифат етакчисига 20 минг лари (тахминан 6400 евро) миқдорида гаров эҳтиёт чораси қўлланди, бироқ 22 май куни судя ушбу эҳтиёт чорасини қамоққа олиш билан алмаштирган.

Newsgeorgia нашри ёзганидек, суд мажлиси полиция ва Жапаридзени қўллаб-қувватловчи гуруҳ ўртасидаги тўқнашувлар фонида – бино ташқарисида ҳам, ичида ҳам кузатилди, чунки суд залига хоҳловчиларнинг ҳаммаси ҳам киритилмаган.

Жапаридзени ҳибсга олиш тўғрисидаги қарор сиёсатчининг адвокатлари йўқлигида қабул қилинган, улар норозилик сифатида суд жараёнини тарк этган ва суд давлат адвокатини тайинламасликка қарор қилган.

Мавзуга оид