Жаҳон | 14:59 / 14.06.2025
1197
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда «Ўзгаришлар коалицияси» етакчиси Гварамия ҳибсга олинди

Мухолифатдаги «Ўзгаришлар коалицияси» етакчиси Ника Гварамия Руставидаги 12-сонли жазони ижро этиш муассасасида, деб хабар берди «Эхо Кавказа».

Фото: AP

Гуржистонда мухолифатдаги «Ўзгариш коалицияси» етакчиси Ника Гварамия ҳибсга олинди, у Рустави шаҳридаги 12-сонли жазони ижро этиш муассасасида. Бу ҳақда 13 июн, жума куни «Эхо Кавказа» радиоси ўз сайтида маълум қилди. Ҳибсга олиш мунозарали парламент тергов комиссиясининг талабларини бажармаганлик иши бўйича амалга оширилган. Аввалроқ Тбилиси шаҳар суди сиёсатчига нисбатан чиқарган 30 минг лари (тахминан 9477 евро) миқдоридаги эҳтиёт чораси пулини мухолифатчи тўлашдан бош тортган эди.

«Иш уйдирма ва аслида Конституцияга зид яратилган комиссия ҳузурига келмаган барча сиёсатчиларга қарши очилган. Мен Гуржистон Конституциясига бўйсунаман, «орзу» (ҳукмрон партия «Гуржистон орзуси») конституциясига эмас».

Ника Гварамиянинг ўзи 12-сонли жазони ижро этиш муассасасига етиб келди, дея аниқлик киритди ОАВ.

Аввалроқ «Ахали» партияси асосчиси Ника Мелиа, собиқ мудофаа вазири Ираклий Окруашвили ва «Гирчи – кўпроқ эркинлик» партияси раҳбари Зураб Жапаридзе ҳам худди шундай модда билан ҳибсга олинган эди.

Комиссия собиқ президент Михаил Саакашвили ва унинг атрофидагилар фаолиятини текширмоқда. Унинг йиғилиши «Гуржистон орзуси» ташаббуси билан ўтказилди.

Мавзуга оид