Ўзбекистон | 22:30 / 17.06.2025
954
6 дақиқада ўқилади

Ҳокимларга берилаётган эркинлик, Янги Тошкент шаҳригача метро, маъмурий огоҳлантириш чорасининг киритилиши – маҳаллий дайжест

Энди туман ҳокимида 4 нафар ўринбосар бўлади. Ривожланиш режасига қараб, қайси масалада ўринбосари бўлишини ҳокимнинг ўзи белгилайди. Янги Тошкентгача узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат метро қурилади. Ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса, айрим ҳолатларда маъмурий огоҳлантириш чорасини қўллаш имконияти яратилади. Ёз жазирамаси шароитида поездларнинг ҳаракатланиш тезлиги чекланмоқда, шунингдек, совитиш тизимининг қуввати ҳам пасаяди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент туманларда бошқарув тизими ўзгаришини эълон қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ислоҳотлар натижадорлиги юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда туманларда иш ҳам, ёндашув ҳам, бошқарув тизими ҳам ўзгариши белгиланди. Жумладан, энди ҳокимда 4 нафар ўринбосар бўлади. Ривожланиш режасига қараб, қайси масалада ўринбосари бўлишини ҳокимнинг ўзи белгилайди.

Шунингдек, комплекс ривожлантиришга масъул 9 та вазирликнинг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади. Булар – иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар бўлимлари. Туман ҳокими ҳокимлик ва ушбу 9 та идорадаги штатларни ўзи тақсимлаб, қайси бўлимда нечта одам ишлашини, ишга олиш-бўшатишни ўзи ҳал қилади.

Янги Тошкент шаҳригача метро қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида режалаштирилган қурилиш ва жамоат транспорти лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

Унда қайд қилинишича, Янги Тошкент шаҳригача метро қурилади. У ҳозирги «Дўстлик» метро бекатидан бошланиб, янги марказгача боради. Узунлиги 21 километр, 9 та бекатдан иборат бўлиши кутилаётган бу метро кунига 230 минггача йўловчини қамраб олиши мумкин.

Қонунчиликка маъмурий огоҳлантириш чораси киритилади

ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасида махсус автоматлаштирилган фото ва видео воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари учун жавобгар шахс аниқ тартибда белгиланмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган бўлса, айрим ҳолатларда маъмурий огоҳлантириш чорасини қўллаш имконияти яратилади. Таъкидланишича, бу ҳуқуқбузарлик оғир бўлмаган ҳолларда фуқароларга нисбатан юмшоқроқ ёндашиш имконини беради.

Бундан ташқари, радар орқали қайд этилган қоидабузарлик учун қарор бир ойдан кечиктирилса, жарима жазоси қўлланмайди.

Жазирама сабаб поездлар ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилади

Ёз жазирамаси шароитида поездларнинг ҳаракатланиш тезлиги чекланмоқда, деб хабар берди «Ўзтемирйўлйўловчи». Поездлар ҳаракат жадвалида кўрсатилган вақтдан кечроқ манзилга етиб бориши мумкин.

Шунингдек, ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилган поездлар совитиш тизимининг ишлаш қуввати пасайиши мумкинлиги маълум қилинди.

2025-2026 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шакли тугатилади

Келгусида кундузги таълимга муқобил шакллар, жумладан, масофавий, кечки ва мақбуллаштирилган кундузги (part-time) таълим шакллари босқичма-босқич ривожлантирилиб, уларга қабул кўрсаткичлари кенгайтириб борилади.

Шу билан бирга, ҳозир сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун барча ўқув жараёнлари белгиланган тартибда давом эттирилади.

Бундан ташқари, иккинчи мутахассислик бўйича ҳам сиртқи таълим шаклида янги қабул амалга оширилмайди. Аввалги йилларда сиртқи таълим шаклида иккинчи мутахассисликка қабул қилинган шахслар ўқишни белгиланган тартибда давом эттиради.

Марказий банк фуқароларни рақамли фирибгарлик ҳақида огоҳлантирди

Сўнгги вақтларда рақамли технологиялар орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ҳолатлари такомиллашиб бормоқда. Бу фуқароларнинг огоҳлиги ошгани билан боғлиқ.

Қайд қилинишича, фирибгарлар ўзини уяли алоқа оператори «ходими» сифатида таништириб, фуқарога қўнғироқ қилиб, шартномани узайтириш баҳонасида шахсий маълумотларини эгаллаб олмоқда. Жумладан, Telegram орқали «Марказий банк» номи билан сохта профилдан хабар юбормоқда.

Марказий банк бу каби ҳолатларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди ва фуқароларни огоҳ бўлишга чақирди.

Шоҳимардон ва Сўхга боришдаги постлар 24 соатлик иш тартибига ўтади

18 июндан Ўзбекистоннинг Сўх ва Шоҳимардон анклавларига олиб борувчи назорат-ўтказиш пунктлари кеча-ю кундуз ишлайдиган бўлди. Бу ҳаракатланишни эркин ва қулай қилиш ҳамда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Жумладан, «Фарғона» чегара божхона пости ҳамда Шоҳимардон қишлоғига ўтишдаги «Оқ қия» божхона пункти ва «Сўх» чегара божхона постининг «Чашма» божхона пункти, шунингдек, «Водил-Қадамжой» назорат-ўтказиш маскани 24 соат давомида ишлайди.

Маълумот учун, Сўх ва Шоҳимардон Ўзбекистон учун анклав ҳудудлари бўлиб, улар Қирғизистон ичкарисида жойлашган.

Блогер Қобил Дўсов 5 йилга қамалди

Қобил Дўсов туҳмат, ҳақорат қилиш ҳамда ёлғон хабар бериш жиноятларини содир этганликда айбли деб топилди. Унга суд ҳукми билан 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳукмда Қобил Дўсовнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги профили ҳамда Telegram платформасидаги канали фаолияти тўхтатилиб, блокланиши ҳам белгиланган.

2025 йил 24 январда ЖИБ Арнасой туман судининг ҳукми билан Дўсовга 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Мавзуга оид