Жаҳон | 13:00 / 02.07.2025
3774
10 дақиқада ўқилади

Сулҳ «шартларига» рози бўлган Исроил, Москва-Боку ўртасида кескинлашган низо ва Маскни депорт қилмоқчи бўлган Трамп – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп: Исроил Ғазода 60 кунлик сулҳ учун «зарур шартларга» рози бўлди

АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, Исроил Ғазода 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш учун «зарур шартларга» рози бўлган. Трамп Truth Social’да ёзишича, ушбу сулҳ доирасида «урушни тўхтатиш учун барча томонлар билан ишлайди», бироқ айнан қандай шартлар назарда тутилгани очиқланмади.

«Сулҳ бўйича якуний таклифни Қатар ва Миср етказади. Умид қиламанки, ҲАМАС бу келишувни қабул қилади, чунки ундан яхшиси бўлмайди — фақат ёмонлашади», — деган Трамп.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Данни Даноннинг сўзларига кўра, Исроил сулҳга «бутунлай тайёр», аммо ҲАМАС бу таклифни қабул қиладими-йўқми — бу ҳозирча мавҳум. Трамп яқин кунларда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашиши арафасида бу баёнотни берди. У «Нетаняҳу сулҳ истаётганига» ишонса-да, ҲАМАС ҳануз музокараларда қатнашмаяпти.

«Уруш фақат гаровдагилар уйга қайтгандагина тугайди», — деди Данон BBC’га берган интервьюсида. Ҳозирда Ғазода 50 га яқин исроиллик гаровда, улардан камида 20 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда.

Сўнгги ҳафталарда ҲАМАС вакиллари воситачилар фаоллашганини билдирган, бироқ музокаралар барибир боши берк кўчада қолмоқда. ҲАМАС эса Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиши ва доимий сулҳни талаб қилмоқда.

Трамп баёноти Исроил Ғазонинг шимолий ҳудудларидан тинч аҳолини эвакуация қилишни бошлаган ва Ғазодаги геноцид яна авж олган кунларда янграмоқда.

Исроил армияси шу ҳафтада гуманитар ёрдам марказларига яқинлашган тинч аҳолининг «зарар кўрганлик ҳолатларини» текширишини билдирган. Бу марказлар АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган Гуманитар жамғарма томонидан бошқарилади, бироқ юздан ортиқ халқаро ташкилотлар бу гуруҳни ёпишни талаб қилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг Яқин Шарқ, Осиё ва Тинч океани бўйича ўринбосари Холид Хиарининг таъкидлашича, Исроил қарийб 80 кундан бери Ғазога гуманитар ва тижорат ёрдамларининг кириб келишига тўсқинлик қилмоқда.

Хиари сўзларига кўра, 17 июндан бери Исроил ва АҚШ бошчилигидаги Ғазо гуманитар жамғармаси ёрдам карвонларига етиб боришга ҳаракат қилган камида 580 нафар фаластинлик ҳалок бўлган: «Ғазода ёрдам олишга уринган фаластинликларнинг ўлдирилиши ва жароҳатланишини кескин қоралаймиз. Бу ҳодисалар юзасидан зудлик билан мустақил тергов ўтказилиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак».

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 56 647 нафарга етди. Сўнгги 24 соат ичида эса яна 116 фаластинлик ҳалок бўлган, 463 киши жароҳат олган.

Москва ва Боку ўртасида низо давом этмоқда

Озарбойжон бош прокуратураси Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мамлакатнинг икки фуқароси қасддан ўлдирилгани бўйича жиноий иш қўзғатди. Озарбойжон экспертизаси ака-ука Зияддин ва Ҳусайн Сафаров олинган тан жароҳатларидан кейин посттравматик шокдан вафот этганини кўрсатган. Россия Тергов қўмитаси версиясида қўлга олинганлардан бирининг ўлимига юрак етишмовчилиги сабаб бўлгани айтилганди.

Озарбойжон прокуратурасига кўра, ҳибсга олинганлар «амалда иложсиз ҳолатда бўлиб, ўзларини зарбалардан ҳимоя қила олмагани, ҳибсга олиш пайтида ҳам, уларни олиб кетаётган транспорт ичида ҳам қаттиқ, ўтмас нарсалар билан тананинг турли қисмларига кўплаб зарбалар бериш орқали қийноққа солингани ва оғир тан жароҳати етказилгани»ни қайд этилган.

Икки кишининг ўлими ва Екатеринбургда оммавий ҳибсга олишлар ҳақидаги хабарлар Боку ва Москва ўртасидаги муносабатларни яна кескинлаштирмоқда. Аввал хабар қилганимиздек, Озарбойжонда Россия маданий тадбирлари бекор қилинди, «Спутник» агентлигининг Бокудаги офисида Россия ФХХ икки агенти ҳибсга олинди.

Россия куч ишлатар тузилмаларининг собиқ совет давлатлари фуқароларига қилаётган ноинсоний муносабатлари ўзларига қимматга тушадиган кўринади. Хусусан, Озарбойжон билан шундай бўлмоқда: икки томон ҳам тўхтамаяпти.

Кеча Озарбойжонда «россияликларнинг иккита уюшган жиноий гуруҳи» аъзолари қўлга олинди. Расмий Бокуга кўра, ушбу шахслар иккита жиноий гуруҳ таркибида бўлган ва улар Эрондан контрабанда маҳсулотлари ҳамда гиёҳванд моддалар олиб кириш, шунингдек, кибержиноятлар билан шуғулланган. Эълон қилинган кадрларда камида 10 киши кўринган, уларнинг барчаси ёш йигитлар. Қўлга олинганлардан айримларининг юзида калтаклаш ва қон излари қолган.

Россия томони эса кеча Екатеринбургдаги озарбойжонликлар диаспораси раҳбари Шаҳин Шихлинский, унинг ўғли ва бошқа озарбойжонлик тадбиркорларни қўлга олди.

1 июль куни Россия ва Озарбойжон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида норозилик ноталари алмашинуви бўлиб ўтди. Иккала томон ҳам бир-бирини ҳуқуқ-тартибот органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларида айбламоқда.

Трамп ва Маск ўртасида яна зиддият

АҚШда «Катта ва гўзал қонун» деб номланган бюджет лойиҳаси бўйича Сенатда қизғин тортишувлар кечмоқда. Лойиҳада солиқ имтиёзлари билан бирга давлат харажатларини ошириш таклиф қилинган. Бу орада миллиардер ва собиқ ёрдамчи Илон Маск президент Трамп билан яна тортишиб қолди.

Маск қонунни танқид қилиб, агар қабул қилинса, янги сиёсий «Америка партияси» тузишини билдирди: «Агар ушбу ақлга сиғмас қонун қабул қилинса, эрта тонгда янги партия ташкил этаман».

Маск, икки партиявий тизимни танқид қилиб, мамлакат марказий электорати ўз манфаатларини ифодалай олмаётганини таъкидлади. У илгари ўтказган сўровномада 80% фойдаланувчи янги партияни қўллаб-қувватлаган эди.

Трамп ўзига тегишли Truth Social ижтимоий тармоғида жавоб қайтарди ва Маск субсидиялар ҳисобига катта ютуқларга эришганини эслатди.

«Электромобиллар яхши, аммо барчани уни олишга мажбурламаслик керак. Илон — тарихдаги бошқа исталган одамга қараганда кўпроқ субсидия олган бўлса керак ва субсидияларсиз Илон катта эҳтимол билан, дўконини ёпиб, уйига, Жанубий Африкага қайтиб кетишига тўғри келган бўларди», – дейди Америка президенти.

У энди ракеталар, сунъий йўлдошлар учирилмаса ва электромобиллар ишлаб чиқарилиши тўхтатилса, мамлакат жуда катта маблағ тежаб қолишини қайд этди. Шунингдек, DOGE’дан бу ҳолатни яхшилаб текшириб кўришни сўрашига ҳам шама қилди.

Кейинроқ, Трамп журналистлар саволига жавобан Илон Маскни депортация қилишини истисно этмади: «Билмадим. Бу масалани кўриб чиқамиз», – деган Трамп.

Сенатда эса қонун лойиҳасини кўриб чиқиш тун бўйи давом этмоқда. 1000 саҳифали ҳужжат юзасидан кўплаб тузатишлар муҳокамада. Лойиҳанинг қабул қилиниши давлат қарзини 3,3 триллион долларга ошириши мумкин. Демократлар қонун лойиҳасини секинлаштириш учун 940 саҳифани овоз чиқариб ўқитишга мажбур қилишди. Республика етакчилари эса қонун 4 июлгача қабул қилинишига умид билдирмоқда.

Июнь ойи бошида ҳам Трамп ва Маск ижтимоий тармоқларда тортишиб, бир-бирининг шахсиятига ўтишганди. Кейинроқ тадбиркор АҚШ президенти ҳақидаги баъзи постларидан афсусда экани, айрим ҳолларда «ҳаддидан ошиб кетгани»ни айтиб чиқди.

Исроил ва Сурия келишувлари бўладими?

Исроил ва Сурия томонлар ўртасида хавфсизлик бўйича махфий музокаралар ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан келишмовчиликларнинг янги босқичига дуч келмоқда.

Jerusalam Post аноним манбаларига таяниб ёзишича, музокаралар АҚШ воситачилигида БАА, Баҳрайн ва Марокаш билан 2020 йилда Исроил томонидан имзоланган «Иброҳим келишувлари»ни кенгайтириш эҳтимоли контекстида ўтказилган. Ушбу ташаббуслар доирасида Тел-Авив ва Дамашқ гўёки нормаллаштириш шартларини муҳокама қилган. Бироқ Сурия ўз ҳудудига зарба беришга имкон берадиган ҳар қандай келишувларга қатъий қаршилик кўрсатган.

Манбаларнинг таъкидлашича, Исроил ишғол қилинган буфер зонадан қўшинларини олиб чиқиб кетиш эвазига «таҳдидлар»га қарши «профилактик зарбалар бериш» ҳуқуқини сақлаб қолишни талаб қилган. Шу билан бирга, Сурия томони бундай шартларни номақбул деб атади.

Нашрда қайд этилганидек, Исроилнинг Сурияга нисбатан риторикаси юмшаганига қарамай, келишув истиқболлари ноаниқлигича қолмоқда. Биринчи босқичда келишувларга эришилган тақдирда ҳам фақат «совуқ тинчлик» ва хавфсизлик соҳасида чекланган ҳамкорлик ҳақида гапириш мумкинлигини таъкидлади.

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар аввалроқ Тел-Авив Жўлан тепаликлари устидан назорат сақланиб қолса, Сурия ва Ливан билан муносабатларни нормаллаштиришдан манфаатдор эканини айтган эди.

Куни-кеча АҚШ, ундан олдинроқ Евроиттифоқ Сурияга нисбатан барча иқтисодий санкцияларни бекор қилган эди. Бунинг шартларидан бири ўлароқ, Трамп аш-Шаръа билан учрашувида айнан Суриянинг қўшнилари, айниқса Исроил билан «яхши муносабатда» бўлишини сўраган эди. 

Мавзуга оид