Исроил билан иқтисодий алоқаларни узишга чақирган БМТ расмийси, расман тан олинган «Толибон» ва Путин билан қўнғироқлашган Трамп – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроилнинг геноцид иқтисодиёти
БМТнинг босиб олинган Фаластин ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Франсеска Албанезе Исроилнинг фаластинликларга нисбатан ҳаракатларини «замонавий тарихдаги энг шафқатсиз геноцидлардан бири» деб атади.
Унинг таъкидлашича, Ғазодаги гуманитар вазият апокалипсисга ўхшамоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг йиғилишида сўзга чиққан Албанезе «Оккупация иқтисодиётидан геноцид иқтисодиётига» номли ҳисоботини тақдим этди. Ушбу ҳисоботда Исроилнинг босиб олинган ҳудудлардаги иқтисодий сиёсати кўриб чиқилган.
«Босиб олинган ҳудудларда юз бераётган воқеалар охират манзарасини эслатади. Исроил бугунги замоннинг энг шафқатсиз геноцидларидан бири учун масъулдир», — дея Албанезенинг сўзларини келтирмоқда Anadolu.
Ҳисобот Исроил томонидан фаластинликларнинг зўравонлик билан кўчирилиши, уларнинг яккаланиши ва доимий кузатув остида бўлишига имкон берган иқтисодий шароитларни очиб беради.
Албанезе Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларни тижоратга айлантирганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, Исроил урушларни қурол-яроғ ва разведка технологияларини синовдан ўтказиш полигонига айлантирган. Elbit Systems ва Lockheed Martin каби корпорациялар жанговар тизимларни, жумладан илк бор «тўлиқ уруш режимида» қўлланган Ф-35 қирувчи самолётларини синовдан ўтказишдан даромад олаётганини таъкидлади.
БМТ расмийси барча давлатларни Исроилнинг ҳарбий сектори — «геноцид иқтисодиёти»нинг ажралмас қисмига айланган тизимдан чиқишга ва ҳар қандай иқтисодий алоқаларни дарҳол узишга чақирди.
Трамп ва Путиннинг суҳбати
Кеча, 3 июль куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида бир соатга яқин давом этган телефон суҳбати бўлиб ўтди. Бу Трамп январь ойида президентликка қайтгач Путин билан ўтказган олтинчи маълум қўнғироқ ҳисобланади. Ҳар икки томон Украина, Эрон ҳамда бошқа кўплаб масалалар муҳокама қилинганини айтди.
Трамп Путин билан телефон суҳбати Украина урушини тугатиш йўлида ҳеч қандай силжишга олиб келмаганини айтди ва урушнинг давом этаётганидан «мамнун эмаслигини» билдирди.
«Мен у билан ҳеч қандай ютуққа эриша олмадим», — деди Трамп журналистларга.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Москва Эрон ва унинг ядровий дастури билан боғлиқ баҳсли масалаларни фақат дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаган.
Украина бўйича эса Путин музокараларга оид муроса қилмас позициясини такрорлаган. Путин Трампга Россия ўз ҳарбий мақсадларига эришиш ва можаронинг «илдиз сабаблари»ни ҳал қилиш учун ҳаракатда давом этишини айтган.
Бу ибора одатда Кремль томонидан қуйидаги талабларга ишора сифатида ишлатилади: Украина эгалланган ҳудудларидан воз кечиши, бетараф мақомни қабул қилиши, НАТО ва бошқа ҳарбий иттифоқларга аъзо бўлмаслиги кабилар...
«Доналд Трамп яна ҳарбий ҳаракатларни тезда тугатиш масаласини кўтарди. Владимир Путин эса, ўз навбатида, можаро учун сиёсий ечим топишга уринишлар давом этаётганини айтди. Россия бу мақсадларидан воз кечмайди», — деди Ушаков, аммо бу мақсадларни аниқ баён этмади.
Трамп маъмуриятининг ушбу ҳафтада эълон қилинган қарори — АҚШдан Украинага етказиладиган айрим қуроллар, жумладан ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини вақтинча тўхтатиш — Киевни оғир аҳволда қолдирди. Россия давлат ОАВларининг хабар беришича, бу масала телефон суҳбати чоғида муҳокама қилинмаган.
Трамп телефон суҳбатида бу масалани кўтарганми, йўқми — бу борада изоҳ бермади, аммо қурол етказиб беришни тўхтатиш қарорини ҳимоя қилди. Унга кўра, собиқ президент Байден «АҚШдаги деярли барча қуролларни уларга [Украинага] бериб юборган, энди эса ўзимиз учун етарли захирага эга бўлишимиз керак».
Россиянинг яна бир генерали ҳалок бўлди
Курск областида Россия ҳарбий-денгиз флоти бош қўмондони ўринбосари Михаил Гудков ҳалок бўлди. У ва яна ўндан ортиқ офицер олдинги чизиқдаги қўмондонлик пунктига украинлар томонидан берилган зарба қурбонига айланган.
Михаил Гудков муқаддам Тинч океани флотининг 150-бригадасини бошқарган, уч ой олдин Россия ҳарбий-денгиз флоти бош қўмондони ўринбосари этиб тайинланганди. Путин Гудковнинг бригадасини энг яхшилардан бири деб атаган.
РФ мудофаа вазирлиги Гудковнинг ўлимини тасдиқлаган. Вазирликка алоқадор «Звезда» каналида берилган хабарда айтилишича, Гудков «2 июль куни Курск областининг чегара ҳудудларидан бирида жанговар вазифаларни бажариш чоғида ҳалок бўлган».
Маълумотларга кўра, Украина армияси 2 июль куни 155-денгиз пиёдалари бригадаси қўмондонлик пунктига ракета зарбаси йўллаган. Кореневода олдинги чизиқдаги пунктга тўртта ракета келиб тушиши оқибатида 10 дан ортиқ катта офицерлар ҳалок бўлган.
2023 йилда генерал Гудков Россия Қаҳрамони унвонини олган. У Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён ҳалок бўлган россиялик ўн биринчи генерал бўлди.
Ҳамас сулҳ таклифини кўриб чиқмоқда
Reuters нашрининг ўз манбалари таяниб, хабар беришича, ҲАМАС — АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган сулҳ таклифи Ғазодаги урушга якун ясашига кафолат талаб қилмоқда.
Сешанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ҲАМАС билан 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини якунлаш учун зарур бўлган шартларга рози бўлганини айтди. Бу давр мобайнида томонлар урушни якунлаш бўйича ишлаши керак.
ҲАМАС эса бу сулҳ охир-оқибат урушни тугатишига аниқ кафолатлар бўлишини талаб қилмоқда, деди ҳаракатга яқин манба. Икки исроиллик расмий бу тафсилотлар ҳали ҳам ишлаб чиқилаётганини билдирди.
Жума куни эрталаб берган баёнотида ҲАМАС ушбу сулҳ таклифини бошқа фаластинлик гуруҳлар билан муҳокама қилаётганини, музокаралар якунлангач воситачиларга ўз жавобини тақдим этишини маълум қилди.
Миср ва Қатар воситачилари ҲАМАСни икки ойлик сулҳ режимига кўндириш мақсадида АҚШ ва халқаро кафолатлар тақдим этишга ҳаракат қилмоқда, деган Мисрдаги хавфсизлик манбалари.
Бош вазир Бенямин Нетаняҳуга яқин исроиллик расмийнинг айтишича, улар ҲАМАСнинг жавобини жума куни кутмоқда. Агар ижобий бўлса, Исроил делегацияси бу келишувни мустаҳкамлаш учун билвосита музокараларга қўшилади.
Таклифга кўра, Исроилда қамоқда бўлган фаластинлик маҳбусларга алмашиш тарзида тирик исроиллик гаровда қолган шахслар босқичма-босқич озод қилинади. Ғазога дарҳол ёрдам киритилади ва Исроил армияси анклавнинг айрим ҳудудларидан босқичма-босқич чиқиб кетади. Шундан сўнг доимий сулҳ бўйича музокаралар бошланади.
Сулҳ бўйича музокаралар фаоллашган бўлса-да, бироқ Ғазода Исроилнинг ҳаводан ҳужумлари тўхтамаяпти. Хусусан, Исроил сўнгги 48 соат ичида Ғазога 26 маротаба ҳужум қилди. Фаластин маъмуриятига кўра, ушбу қирғин — лагерлар, уйлар ва ҳуманитар объектларга уюштирилган ҳужумлар оқибатида 300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган ва юзлаб одамлар яраланган.
Россия расман Афғонистон Ислом Амирлигини тан олди
Россия пайшанба куни Афғонистонда «Толибон» ҳукуматини қонуний ҳокимият сифатида тан олган биринчи давлатга айланди. Бу – ҳаракатнинг деярли тўрт йил аввал ҳокимиятни қўлга киритиб, АҚШга қарши урушда ғалаба эълон қилганидан сўнг, халқаро саҳнага чиқиш йўлидаги муҳим қадамидир.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Дмитрий Жирнов ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий билан учрашув чоғида «Россия ҳукумати Исломий Афғонистон Амирлигини расман тан олганини» билдирганини маълум қилди.
Ушбу маълумотни Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов тасдиқлади.
«Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлайди», — дея таъкидлаган Россия ТИВ расмийси. «Толибон» жорий этган Афғонистон байроғи Москвадаги элчихона биносига, 2021 йилда ҳаракат ҳокимият тепасига келганидан бери илк бор осиб қўйилган.
Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирновнинг айтишича, Афғонистонни тан олиш қарори Владимир Путин томонидан, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таклифига биноан қабул қилинган.
Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий Россиянинг тан олиш қарорига изоҳ берар экан, «Умид қиламизки, бошқа давлатлар ҳам бу имкониятдан фойдаланиб, Исломий Амирликни тан олади», деди.
АҚШ ва Ғарб давлатларининг аксарияти ҳамон «Толибон»дан масофа сақлашда давом этмоқда.
Мавзуга оид

13:50 / 03.07.2025
Вайрон бўлаётган Ғазо, жазирамада қолган Европа ва “Орешник” билан қуролланаётган Беларус – кун дайжести

13:00 / 02.07.2025
Сулҳ «шартларига» рози бўлган Исроил, Москва-Боку ўртасида кескинлашган низо ва Маскни депорт қилмоқчи бўлган Трамп – кун дайжести

14:05 / 01.07.2025
Сурияга қарши санкцияларни бекор қилган Трамп, кескинлашган Россия-Озарбойжон муносабатлари ва янги қурол яратган Хитой – кун дайжести

14:12 / 30.06.2025