Жаҳон | 16:33
1753
2 дақиқада ўқилади

Европа суди Россияни MH17 самолёти ҳалокатида айбдор деб топди

Malaysia Airlines авиакомпанияси самолётининг уриб туширилиши оқибатида 298 киши ҳалок бўлган эди.

Фото: AP

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 2014 йилда Украинанинг Донбасс ҳудуди осмонида Malaysia Airlines авиакомпанияси самолётини Россия уриб туширган, деган қарорга келди. Авиаҳалокат оқибатида 298 киши қурбон бўлган эди.

AP агентлигининг хабар беришича, халқаро суд биринчи марта MH17 рейси ҳалокати учун Россияни жавобгар деб топмоқда.

Суднинг алоҳида қарорида Россия Украинадаги уруш пайтида халқаро ҳуқуқни бузгани айтилган. Халқаро суд биринчи марта Москвани 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб кириши чоғида инсон ҳуқуқларининг бузилишида айбдор деб топди.

Суд бу қарорни Украина ва Нидерландия томонидан Россияга қарши қўзғатилган ишларни кўриб чиқиш чоғида чиқарди. AP ҳар қандай қарор асосан рамзий маънога эга бўлишини таъкидлади - Россия 2022 йилдан бери ҳар қандай халқаро суд қарорларини бажармаяпти.

«Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларини ҳақиқий эмас деб ҳисоблайди ва уларни амалга оширишни режалаштирмайди», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган Boeing самолёти 2014 йил 17 июл куни Украина шарқида, сепаратистлар назорати остидаги ҳудудда Россияда ишлаб чиқарилган Бук ракетаси билан уриб туширилган эди. Барча 298 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди. Россия самолёт ҳалокатига алоқадор эканини рад қилиб келмоқда.

Нидерландия суди 2022 йил ноябрида ўзини ўзи эълон қилган ДХР собиқ мудофаа вазири Игор Стрелков ва яна икки кишини самолётни қасддан йўқ қилиш ва қасддан одам ўлдиришда айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Иш бўйича яна бир айбланувчи оқланди.

Мавзуга оид