Жамият | 19:14 / 11.07.2025
1410
2 дақиқада ўқилади

Зомин қозон патири географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди

У Ўзбекистон давлат реестрида йигирманчи географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг номи, сифати ва келиб чиқиш манбаи қонуний ҳимояга эга бўлади.

Зомин қозон патири географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди.

Қайд қилинишича, географик кўрсаткич – бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослигини ва сифатини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилувчи белги. У маҳсулотнинг келиб чиқиш жойини, анъанавий рецептини ва ўзига хос хусусиятларини давлат даражасида кафолатлайди.

Зомин қозон патири – Жиззах вилоятининг Зомин туманида қадимдан тайёрланадиган нон маҳсулоти бўлиб, алоҳида қорилган хамир, маҳаллий сут ва сариёғ билан қозонда пиширилади. У ўзининг ноёб таъми ва сифат хусусиятлари билан ажралиб туради.

Зомин қозон патири Ўзбекистон давлат реестрида йигирманчи географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг номи, сифати ва келиб чиқиш манбаи қонуний ҳимояга эга бўлади. Таъкидланишича, бу ҳудудий брендни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва истеъмолчиларга сифатли, оригинал маҳсулотни тақдим этишга хизмат қилади.

Аввалроқ, Самарқанд қоғози, тухумбарак, Андижон дўпписи ва Сўқоқ сомсаси географик кўрсаткич сифатида рўйхатга олинган эди.

Мавзуга оид