Жаҳон | 12:30
1161
2 дақиқада ўқилади

Мерц: Германия Украина учун АҚШдан Patriot тизимларини сотиб олишга тайёр

Германия ва АҚШ мудофаа вазирлари Patriot тизимларини етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқда, бироқ якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

Фото: U.S. Army/ABACAPRESS/picture alliance

Германия канцлери Фридрих Мерц Германиянинг Украинага етказиб бериш учун АҚШдан Patriot зенит-ракета комплексларини сотиб олиш режаларини тасдиқлади. Бу ҳақда у 10 июл, пайшанба куни Римда Украинани қайта тиклашга бағишланган анжуманда маълум қилди.

«Биз АҚШдан қўшимча Patriot тизимларини сотиб олишга ва уларни Украинага беришга тайёрмиз», — дея тасдиқлади Мерц. «Ўтган пайшанба куни мен бу масалани АҚШ президенти Доналд Трамп билан муҳокама қилдим ва ундан ушбу тизимларни етказиб беришни ҳам сўрадим», — деди канцлер. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Германия мудофаа вазирлари тегишли музокаралар олиб бормоқда, бироқ якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.

«Америкаликларнинг ўзи бундай тизимлардан баъзиларига муҳтож, лекин уларда тизимлар кўп», деди Фридрих Мерц Германия қанча тизим сотиб олишни режалаштираётганига аниқлик киритмасдан. ОАВ хабарларига кўра, гап иккита комплекс ҳақида кетяпти.

2 июл куни ОАВ АҚШ Украинага қурол-яроғ, жумладан Patriot тизими учун тутувчи ракеталар, Stinger кўчма зенит-ракета комплекслари, NASAMS ҳаво мудофаа тизими ва F-16 қирувчи самолётлари учун ракеталар етказиб беришни қисман тўхтатгани ҳақида хабар берган эди.

Доналд Трамп эртаси куни АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам беришда давом этишини айтди. У етказиб беришнинг тўхтатилишини ўзидан олдинги давлат раҳбари Жо Байден «мамлакат омборларини бўшатиб қўйгани» ва энди Қўшма Штатлар ўқ-дорилари етарли эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак экани билан изоҳлади.

Мавзуга оид